Оқдарё ва Юйхан туманлари ўртасида ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда
2026-10-16 12:20:00 / Yangiliklar

Бугун Оқдарё тумани ҳокими Темур Махмудов Хитой Халқ Республикасининг Чжэцзян вилояти Ханчжоу шаҳри Юйхан тумани ҳокими ўринбосари Ҳун Цзянлян бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашув давомида икки туман ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, тадбиркорлик субъектлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, томонлар саноат, қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш ва бошқа истиқболли йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш, икки ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш ҳамда янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқдилар.
Учрашувда Оқдарё туманида мавжуд инвестициявий имкониятлар, тадбиркорлар учун яратилган шарт-шароитлар ва истиқболли лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. Хитойлик ҳамкорлар билан тажриба алмашиш, ўзаро ташрифларни давом эттириш ва амалий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.
Мазкур учрашув икки ҳудуд ўртасида дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва янги инвестициявий ташаббусларни рўёбга чиқариш йўлидаги муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Музокаралар якунида Оқдарё тумани ҳокимлиги ҳамда Хитой Халқ Республикаси Чжэцзян вилояти Ханчжоу шаҳри Юйхан тумани Халқ ҳукумати ўртасида иқтисодий ва савдо ҳамкорлиги тўғрисидаги меморандум имзоланди.









