Ислоҳотлар самараси маҳаллалар фаровонлигида кўринади
2025-11-04 11:00:00 / Yangiliklar

Ислоҳотлар самараси маҳаллалар фаровонлигида кўринади
ИИВ академияси раҳбари Нукус шаҳридаги “Жеке терек”, “Ғарезсизлик”, “Халқлар дослиғи”, “Гоне қала”, “Жанабазар” маҳаллалари фаолияти билан танишди.
Манзилли ўрганишлар чоғида маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Айтиш жоизки, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 18 августдаги ПҚ-253-сон қарори билан Қорақалпоғистон Республикасидаги 5 та маҳалла таълим муассасасига бириктирилди. Ўтган давр мобайнида катта илмий-амалий тажрибага эга профессор-ўқитувчилар томонидан “маҳалла еттилиги” тизими вакиллари билан биргаликда бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

“Жиноят ўчоқ”ларида криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий қилинди. Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида ҳудудларга 85 та ташвиш тугмаси, 344 та замонавий камера ўрнатилди. 144 та объект техник қўриқловга олиниб, 10 та “хавфсиз кўча”, 28 та “хавфсиз уй” ташкил қилинди. Бундан ташқари, аҳоли иштирокида 9 маротаба жиноятчилик муҳокамаси, жамоат жойлари, корхона ва ташкилотларда 45 маротаба профилактик тадбирлар ўтказилди.

Ҳудудларни ўрганиш давомида маҳаллаларда кўп содир этилаётган жиноятларга алоҳида эътибор қаратди. “Еттилик” вакиллари ва масъулларга янги тизим асосида натижадорликни ошириш, ижтимоий профилактикани самарали ташкил қилиш, аҳолини қийнаётган ижтимоий муаммоларни ҳамжиҳатликда ҳал этиш, маҳаллаларда, айниқса ёшлар ўртасида жиноятчиликка муросасизлик иммунитетини шакллантириш юзасидан тавсиялар берилди.

– Маҳаллалар ислоҳотлар марказига, халқимизнинг оғирини енгил қиладиган яқин кўмакчига айланиб бормоқда. Ҳудудларда хавфсиз ва осойишта муҳит яратиш учун ҳар биримиз жиноятчиликни жиловлашга шахсий жавобгарлик ҳисси билан ёндашишимиз керак, – деди академия бошлиғи Рустам Хатамов.
Шунингдек, академия раҳбари Ички ишлар вазирлиги академик лицейи ҳамда “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи фаолиятини ҳам ўрганди. Учрашувлар чоғида ўқувчиларни касбга йўналтириш, уларнинг билим салоҳияти, маънавий дунёқараши, жисмоний тайёргарлиги ва ватанпарварлик руҳини юксалтириш, ҳудудларда олий таълимга қамровни ошириш борасида вазифалар белгилаб олинди.
