Сурхондарё вилояти ҳокими У.Б.Қосимовнинг вилоят аҳолисига МУРОЖААТИ
2026-04-27 15:35:00 / Yangiliklar

Ассалому алайкум, қадрли воҳадошлар! Барчамизга маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда жуда катта ўзгаришлар, янгиланишлар юз бериб, халқимизнинг турмуш даражаси янада яхшиланиб бормоқда.
Ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган ислоҳотлар барча соҳаларда ўз натижасини кўрсатиб, юртимиз ободлиги, халқимиз фаровонлиги, давлатимизнинг ички ва ташқи сиёсатида юксак марраларни қўлга киритишга замин бўлмоқда.
Аммо, давлатимиз томонидан яратилаётган шароитларга қарамасдан минг афсуски, баъзи соҳаларда ҳамон коррупсия ҳолатлари учраб тургани барчамизни ташвишга солмоқда.
Умуман, коррупсия - дунё миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган глобал муаммолардан бири бўлиб, у инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига, давлат ва жамиятнинг ривожланишига путур етказадиган иллатдир.
Ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида юртимизда коррупсиядан холи муҳит яратиш бўйича жуда катта ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада бир қатор қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, жамиятда коррупсия муаммосини жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқадиган очиқ тизим яратилди.
Қадрли воҳадошлар!
Мамлакатимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги, фарзандларимиз келажаги ҳар биримизнинг бугунги фаолиятимизга, фаоллигимизга, фидойилигимизга боғлиқ. Шу боис, жамиятни коррупсия иллатидан холос этиш ҳам кундалик ишимиз, ташвишимиз бўлиши лозим.
Вилоятимизда ҳокимлик тизими, ҳуқуқни муҳофаза қиливчи идоралар, барча корхона ва ташкилотлар коррупсияга нисбатан муросасизлик тамойилига амал қилган ҳолда фаолият юритишлари зарур.
Уларнинг раҳбар ва ходимлари ўз мансаб ва хизмат мавқеидан шахсий манфаат йўлида фойдаланиши, лавозимини суистеъмол қилиши қонун йўли билан тақиқланишини, бу каби ҳаракатларга жавобгарлик муқаррарлигини яна бир бор эслатиб ўтаман.
Вилоятдаги ҳокимлик тизими, барча корхона ва ташкилотлар раҳбар ва ходимлари одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя қилишлари, ишлаётдан ташкилотнинг фаолиятига, обрў-эътиборига, нуфузига салбий таъсир кўрсатадиган ҳар қандай хатти-ҳаракатлардан ўзларини тийишлари шарт.
Шунингдек, ташкилот фаолиятининг қонунийлиги, холислиги, ҳисобдорлиги, очиқлиги ва шаффофлигига шубҳа туғдирадиган ҳолатларга йўл қўймасликлари зарур.
Қадрли воҳадошлар!
Мен вилоят ҳокими, вилоят ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари сифатида сиз азизларга мурожаат қилмоқчиман:
Ҳурматли Президентимиз томонидан Сурхондарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, воҳадошларимизнинг турмуш даражасини янада яхшилашга жуда катта эътибор берилмоқда. Бу ишларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш учун давлатимиз томонидан барча шароитлар яратилган.
Сизлар билан бир ёқадан бош чиқариб, аҳил ва ҳамжиҳат, ҳамфикр бўлсак, албатта кўзланган натижаларга эришамиз. Хусусан, вилоятимизни коррупсиядан холи ҳудудга айлантиришда ҳам сизларга таянамиз.
Агар, вилоятда ҳокимлик тизими, корхона ва тшкилотлар раҳбар ва ходимларининг коррупсияга оид хатти-ҳаракатлари ёки қонунчиликка зид бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига дуч келсангиз, ёки алоқадорлиги юзасидан маʼлумотга эга бўлсангиз, вилоят ҳокимлигининг 1088 — “Ишонч телефони” ҳамда gov@surxondaryo.uz электрон почта манзили орқали мурожаат қилишингиз мумкин.
Мурожаатлар махфийлиги кафолатланади ва улар ҳокимлик томонидан тезкор ўрганилиб, зарур чоралар кўрилиши таʼминланади.
Сизлар билан биргаликда коррупсияга қарши муросасиз кураш олиб борсак ва албатта воҳамизни бу иллатдан холи ҳудудга айлантирсак, нафақат ишимизда унум ва барака, балки виждонимиз пок, қалбимизда хотиржамлик бўлади!
