Избоскан тумани ҳокимининг Тиббиёт соҳаси ходимларига байрам табриги
2026-11-08 11:20:00 / Rahbariyatning bayonotlari va nutqlari

Ҳурматли тиббиёт ва фармацевтика ходимлари! Муҳтарам соҳа фахрийлари!
Сиз, азизларни касб байрамингиз — «Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни» билан чин қалбимдан муборакбод этаман!
Инсон саломатлигини асраш, дардига малҳам бўлиш ва қалбида ҳаётга умид уйғотишдек олижаноб ишга ўзини бағишлаган барча соҳа ходимларига юксак ҳурмат ва эҳтиромимни билдираман.
Муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган «Янги Ўзбекистонга — янги ва замонавий тиббиёт» ғояси асосида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижалари туманимиз аҳолиси ҳаётида ҳам намоён бўлмоқда.
Хусусан, Туячи қишлоғидаги 27-сон оилавий поликлиника 5 миллиард 368 миллион сўм маблағ ҳисобидан қайта қурилиб, замонавий жиҳозлар билан таъминланди. Вилоятимиз ҳокими ташаббуси билан Чувама ва Гуркиров оилавий поликлиникалари, Абдусаматобод ва Янгизамон оилавий шифокорлик пунктлари ҳам тўлиқ қайта қурилиб, замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланмоқда.
2026 йилги «Ташаббусли бюджет» лойиҳасининг биринчи мавсуми доирасида Қўғай оилавий поликлиникаси биноси 1 миллиард 360 миллион сўм маблағ эвазига мукаммал таъмирланиб, фойдаланишга топшириш арафасида турибди. Бу янгиланишлар аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, сизларнинг эса самарали меҳнат қилишингиз учун муносиб шароит яратишга хизмат қилади.
Жорий йилда эҳтиёжманд фуқаролар саломатлигини тиклаш борасида ҳам муҳим ишлар амалга оширилди. Жумладан, муборак Рамазон ойи муносабати билан «Вақф» хайрия жамоат фонди маблағлари ҳисобидан ижтимоий реестрдаги фуқаролар ва уларнинг оила аъзоларидан 86 нафарига вилоят ва республика тиббиёт марказларида юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилиб, саломатлигини тиклашга кўмаклашилди. Шунингдек, 0 ёшдан 18 ёшгача бўлган 106 нафар болада юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилди.
«Вақф-2» хайрия жамоат фонди маблағлари ҳисобидан яна 8 нафар фуқарога республика тиббиёт марказларида жигар ва талоқ трансплантацияси амалиётлари бепул ўтказилиб, уларнинг саломатлигини тиклашга ёрдам берилди.
Кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш мақсадида 45–65 ёшдаги 24 минг 352 нафар аёл маммография текширувидан ўтказилди.
Бу рақамларнинг ҳар бири ортида инсон тақдири, фарзандлар умиди ва оилалар хотиржамлиги мужассам. Олдимизда турган асосий вазифа — ҳар бир фуқаронинг ўз вақтида малакали тиббий ёрдам олишини таъминлаш, касалликларнинг олдини олиш, эрта ташхис қўйиш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилишдан иборат. Замонавий рақамли технологиялар эса меҳнатингизни енгиллаштириб, беморларга кўпроқ вақт ва эътибор ажратиш имконини бериши лозим.
Бугун соҳа равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган муҳтарам фахрийларимизга алоҳида миннатдорлик билдираман. Сизларнинг бой тажрибангиз, касбга садоқатингиз ва устозлик меҳнатингиз ёш мутахассислар учун бебаҳо мактабдир.
Қадрли соҳа фидойилари!
Сизларга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик ва файзу барака, шарафли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман.
Эл-юрт саломатлиги йўлидаги фидокорона хизматларингиз учун барчангизга чин дилдан миннатдорлик изҳор этаман!
Байрамингиз муборак бўлсин!
