Педагоглар “Заковат” майдонида куч синашди, ғолиблик қайси туман жамоасига насиб этди?
2026-09-30 09:00:00 / Yangiliklar

Педагоглар “Заковат” майдонида куч синашди, ғолиблик қайси туман жамоасига насиб этди?
Билим, зукколик ва мантиқий фикрлаш бир нуқтада жам бўлган “Заковат” интеллектуал ўйинида Самарқанд вилояти педагоглари ўзаро беллашди. Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ташкил этилган мусобақада 16 та туман ва шаҳардан келган педагоглар жамоалари ўз билим ва топқирлигини намойиш этди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилоят Кенгаши, Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Самарқанд вилояти туман (шаҳар) бўлинмаси ҳамда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган беллашувда вилоятнинг 16 та туман ва шаҳридан 6 нафардан педагог иштирок этди. Билим, зукколик, топқирлик ва мантиқий фикрлаш борасида ўз имкониятларини синовдан ўтказди.
Турли мавзулардаги саволлар, тезкор фикрлаш ва жамоавий ёндашувни талаб этган баҳслар иштирокчиларга чинакам интеллектуал беллашув муҳитини тақдим этди.
Мусобақа якунига кўра:
1-ўрин — Нарпай тумани жамоаси;
2-ўрин — Иштихон тумани жамоаси;
3-ўрин — Паст Дарғом тумани жамоаси.
Ғолиб ва совриндор жамоалар, шунингдек, беллашувда фаол иштирок этган педагоглар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Интеллектуал беллашув нафақат педагогларнинг билим ва салоҳиятини намоён этиш, балки ҳамкасблар ўртасида дўстона муҳит ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилди.
✅@Zarnews_uz
