🔰 МУРОЖААТЛАРГА ЭЪТИБОР — МУАММОЛАРГА АМАЛИЙ ЕЧИМ
2026-10-27 15:30:00 / Fuqarolar bilan o'tkazilgan qabullar

🔰 МУРОЖААТЛАРГА ЭЪТИБОР — МУАММОЛАРГА АМАЛИЙ ЕЧИМ
Халқ депутатлари Чуст тумани Кенгашига 4-Чакоб сайлов округидан сайланган депутат, туман ҳокими Бахтиёржон Салимжонов томонидан Халқ қабулхонасида фуқароларнинг навбатдаги сайёр қабули ўтказилди. Қабул давомида аҳоли вакиллари билан очиқ мулоқот ташкил этилиб, уларнинг муаммо ва таклифлари тингланди.
Мулоқот жараёнида фуқаролар моддий ёрдам олиш, ишга жойлашиш, уй-жой билан таъминланиш ва мавжуд турар жойларни таъмирлаш, тўлов-контракт маблағларини қоплаш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, жарроҳлик амалиёти учун кўмак олиш, ичимлик суви ва электр энергияси таъминоти, турмуш ўртоғини ишга жойлаштириш, боғдорчилик билан шуғулланиш учун ер майдони ажратиш ҳамда чиқиндиларни ўз вақтида олиб кетиш каби қатор масалалар юзасидан мурожаат қилдилар.
Ҳар бир мурожаат атрофлича кўриб чиқилиб, уларда кўтарилган масалаларни қонуний ҳал этиш, зарур ҳолларда жойига чиққан ҳолда ўрганиш ва амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан масъул раҳбарларга тегишли топшириқлар берилди.
Шунингдек, мурожаатлар ижросини қатъий назоратга олиш, белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, кўрилган чоралар ҳамда эришилган натижалар ҳақида фуқароларга маълумот бериш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Бундай сайёр қабуллар аҳоли билан очиқ ва самарали мулоқотни мустаҳкамлаш, фуқароларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва уларга амалий ечим топиш, энг муҳими, аҳоли розилигини таъминлаш ҳамда давлат идораларига бўлган ишончни оширишга хизмат қилади.





