«Оғир тоифа»даги маҳаллаларда ободлик ва янгиланиш ишлари давом этмоқда
2026-08-24 13:05:00 / Yangiliklar

#Мустақиллик_35_йиллиги_арафасида
«Оғир тоифа»даги маҳаллаларда ободлик ва янгиланиш ишлари давом этмоқда
Чуст туманида Президентимизнинг ПҚ-49-сонли қарори ижроси доирасида «Оғир тоифа»га киритилган маҳаллаларда кенг кўламли қурилиш, ободонлаштириш ва инфратузилмани яхшилаш ишлари изчил давом этмоқда.
Дастур асосида тумандаги «Тинчлик», «Оғасарой», «Ёрқишлоқ», «Еттиқўрғон», «Кўча», «Машхад» ҳамда «Янгиобод» маҳаллаларига жами 25 миллиард сўм маблағ йўналтирилган бўлиб, ушбу маблағлар ҳисобидан аҳоли учун қулай яшаш шароитларини яратишга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Хусусан, ички йўлларни асфальтлаш, электр тармоқларини янгилаш, тунги ёритиш тизимларини ўрнатиш, трансформаторларни алмаштириш, ариқларни бетонлаш, маҳаллаларга янги маҳалла биноларини қуриш, пиёдалар йўлакчаларини қуриш, ичимлик суви тармоқларини таъмирлаш ва янгилаш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.
Амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари маҳаллалар қиёфасини тубдан яхшилаш баробарида, аҳолининг кундалик турмуши учун янада қулай, обод ва хавфсиз муҳит яратишга хизмат қилмоқда.
Энг муҳими, мазкур кенг кўламли ишлар замирида инсон манфаати, аҳоли фаровонлиги ва инсон қадрини юксалтиришдек эзгу мақсад мужассам.
Зеро, ҳар бир бунёдкорлик ва ободонлаштириш иши, аввало, инсон қадри учун хизмат қилади.
https://t.me/Chusttumanhokimligi









