Қурбон ҳайити шукуҳи — Чуст бозорларида файз ва барака муҳити
2026-05-26 11:05:00 / Yangiliklar

Қурбон ҳайити шукуҳи — Чуст бозорларида файз ва барака муҳити
Муборак Қурбон ҳайити арафасида юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Чуст туманида ҳам байрамона кайфият, меҳр-оқибат ва шукроналик муҳити ҳукм сурмоқда. Айниқса, туман бозорларидаги файзли муҳит, тўкинчилик ва одамлар юзидаги мамнуният байрамнинг ҳақиқий шукуҳини яққол намоён этмоқда.
Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолини қўллаб-қувватлаш, хонадонлар дастурхонини тўкин қилиш мақсадида Чуст туман ҳокимлиги, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилди.
Мазкур ярмаркада гўшт, ёғ, ун, шакар, сабзавот ва бошқа ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотлар аҳолига ҳамёнбоп нархларда таклиф этилмоқда. Бу эса байрам арафасида юртдошларимиз кайфиятини янада кўтариб, меҳр-мурувват, саховат ва шукроналик туйғуларини мустаҳкамламоқда.
Қурбон ҳайити — эзгулик, бағрикенглик ва инсонпарварлик ғояларини улуғлайдиган муқаддас айём. Бугун Чуст туманида ҳукм сураётган файзли муҳит, тўкин бозорлар ва одамлар қалбидаги шукроналик ана шу юксак қадриятларнинг ёрқин ифодаси сифатида намоён бўлмоқда.









