Чортоқ тумани тараққиёт йўлида дадил одимламоқда
2026-03-30 18:05:00 / Yangiliklar
Чортоқ тумани тараққиёт йўлида дадил одимламоқда
Бугун Чортоқ тумани чинакам бунёдкорлик ва қурилиш майдонига айланган. Бу ўзгаришлар ҳар бир ҳудуд, ҳар бир манзилда яққол намоён бўлиб, туманнинг янги қиёфасини шакллантирмоқда.
Хусусан, тумандаги 5 та умумтаълим ҳамда мактабгача таълим ташкилотларида энергия тежамкор технологияларни жорий этиш доирасида мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Бу эса таълим муассасаларида замонавий ва қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.
Аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Турли ҳудудларда жами 250 хонадондан иборат кўп қаватли уйлар бунёд этилаётгани туманда ижтимоий барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Жаҳон банки лойиҳаси доирасида Арбағиш маҳалласидан туман марказига 52 километрлик ичимлик суви тармоғи тортилмоқда. Шунингдек, Истиқлол кўчасида канализация ҳамда ичимлик суви тизимларини янгилаш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.
Энг эътиборлиси, Фурқат номли маданият ва истироҳат боғида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларидир.
Албатта, бу ишлар билан чекланиб қолинмаяпти. Жойларда давом этаётган кўплаб бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари туман инфратузилмасини янада ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, шунингдек, Чортоқ туманининг туризм салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади.
Бундай кенг кўламли ишлар аҳоли кайфиятига ижобий таъсир кўрсатиб, эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда. Чортоқ тумани эса изчил тараққиёт йўлида дадил одимламоқда.










