Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишнинг янги босқичи
2026-01-31 21:55:00 / Rahbariyatning bayonotlari va nutqlari

Стратегия билан танишган ҳар қандай фуқаро унинг мақсади, мазмуни, унинг ижро этилишини таъминлаш бўйича давлат идоралари олдига қўйилган вазифалар нақадар улкан, узоқни кўзлаб қабул қилинганлигига яна бир бор амин бўлади.
Жумладан, Стратегияда белгиланган вазифаларни амалга ошириш орқали қуйидаги натижаларга эришиш режалаштирилган:
- болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш, зўравонликдан жабрланган ёки ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган болаларни ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий қўллаб-қувватлашга доир муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари, халқаро ва маҳаллий стандартлар ҳамда уларни амалга ошириш механизмларини ўз ичига олган норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;
- болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш, зўравонлик ҳолатларини эрта аниқлаш бўйича давлат органлари ва ташкилотлар ўртасида самарали идоралараро ҳамкорлик тизимини йўлга қўйиш;
- болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатини аниқлаш, баҳолаш, хабар бериш, таъсир чорасини қўллаш, давлат томонидан кафолатланган хизматлар кўрсатиш, реабилитация қилиш ва мослаштиришнинг яхлит интеграциялашган тизимини яратиш;
- зўравонликдан жабрланган ёки ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган болалар ва уларнинг оилаларига маҳалла, туман (шаҳар) ва вилоят даражасида ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва бошқа хизматлар кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш;
- зўравонликдан жабрланган ёки унга гувоҳ бўлган болаларни ҳимоя қилиш ва уларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий хизмат кўрсатиш қоидалари (стандартлари)ни ишлаб чиқиш, процессуал ҳаракатлар давомида болаларнинг ҳуқуқлари кафолатланган одил судлов тизимини жорий этиш;
- жамиятда болаларга нисбатан зўравонликни қўллаб-қувватловчи стереотипларни ўзгартириш, зўравонликка қарши тоқатсизлик маданиятини шакллантириш, зўравонлик учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш;
- ижобий хорижий тажрибалар асосида мамлакатда болаларга нисбатан ғамхўр, кўмаклашувчи ва қўллаб-қувватлайдиган тизимни шакллантириш.
Фармон билан 2026 йил 1 февралдан бошлаб:
- зўравонлик натижасида оиласидан олинган ва ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган, шунингдек, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар учун профессионал тутинган оила хизмати йўлга қўйилади. Бунда:
- профессионал тутинган оилани ташкил этишга номзодлар зўравонликдан жабрланган ва ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган, шунингдек, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалардаги (кейинги ўринларда — ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар) зўравонлик натижасида олинган руҳий жароҳатнинг салбий таъсирини камайтириш, хулқ-атворидаги оғишишларни ёки оила аъзолари, тенгдошлари билан муносабатларидаги бузилишларни ва уларнинг оқибатларини бартараф этишга қаратилган ижтимоий-реабилитация дастурлари асосида ўқитилади;
- зўравонлик натижасида оиласидан олинган ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар профессионал тутинган оилага «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ва мазкур оилалар ўртасида тузилган шартнома асосида жойлаштирилади;
- профессионал тутинган оилага ҳар бир жойлаштирилган болани парваришлаш учун ҳар ойда Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 2 баравари миқдорида маблағ тўлаб борилади;
- профессионал тутинган оилага жойлаштирилган ҳар бир боланинг яшаш харажатлари учун Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ оилавий болалар уйи тарбияланувчиларининг яшаш харажатлари учун белгиланган миқдорларда маблағ ажратилади.
Шунингдек, Фармон билан бир қатор давлат идораларига 2026 йил
1 февралдан бошлаб режа-график асосида зўравонликдан жабрланган болалар билан процессуал ҳаракатлар давомида ишлашга масъул бўлган суриштирувчи, терговчи, прокурор ва судьялар, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизими ходимлари, шунингдек, адвокатларнинг суриштирув, дастлабки тергов ва суд процессида болалар билан ишлашнинг махсус усулларига оид касбий тайёргарлиги ва малакасини ошириш учун миллий ва хорижий эксперт ҳамда мутахассисларни жалб этган ҳолда қисқа муддатли курсларда ўқитилиши йўлга қўйилади.
Хулоса ўрнида шуни айтиз жоизки, мазкур Фармон ва Стратегия болаларни зўравонликнинг ҳар қандай кўринишидан кафолатли ҳимоя қилиш билан бир қаторда, эртанги келажак авлод вакилларини шу Юрт учун муносиб фарзанд қилиб тарбиялашда муҳим қадам бўлади.
Отабек Сиддиқов,
Жиноят ишлари бўйича
Бағдод туман судининг раиси
Муминмирзо Сидиқов,
Жиноят ишлари бўйича
Бағдод туман судининг тергов судьяси
