Бешариқда замонавий балиқчилик тажрибаси: пресс-тур иштирокчилари "Форел Намуна" фермер хўжалиги фаолияти билан танишди
2026-07-13 14:00:00 / Qabullar
📌Бешариқ туманида оммавий ахборот воситалари виллари иштирокида ташкил этилган пресс-тур доирасида "Форел Намуна" балиқчилик фермер хўжалиги фаолияти яқиндан кўздан кечирилди.
🖇Фермер хўжалиги раҳбари Зилолахон Махсудова, иш бошқарувчиси эса Мирзавалиев Бахтиёржон ҳисобланади. Хўжаликда 2 гектар майдонда ярим интенсив усул асосида карб балиғи, оқ дўнгпешона ва оқ амур балиқлари етиштирилмоқда. Балиқлар табиий озуқа билан бир қаторда инсон омили асосида қўлда озиқлантирилиб, юқори сифатли маҳсулот олишга алоҳида эътибор қаратилган.
🔍Шунингдек, фермер хўжалигида Африка лақаси ҳам парваришланмоқда. 12 сотих майдонда ташкил этилган ҳавзаларнинг ҳар биридан ўртача 2 тоннагача маҳсулот олиш имконияти мавжуд. Жами 12 та ҳавзада балиқчилик ишлари йўлга қўйилган. Айни пайтда 7 минг дона балиқ чавоғи сув ҳавзаларига қўйилган бўлиб, жорий мавсум якунига қадар 10 тонна сифатли балиқ маҳсулоти етиштириш режалаштирилган.
🖇Хўжаликнинг муҳим устунликларидан бири — омухта емнинг шу ернинг ўзида ишлаб чиқарилишидир. Бу эса маҳсулот сифати устидан доимий назорат ўрнатиш, харажатларни камайтириш ва самарадорликни ошириш имконини бермоқда.
⚡️Шунингдек, қуввати 10 киловатт бўлган қуёш панеллари орқали электр энергияси ишлаб чиқарилиб, сувни иситиш ва ишлаб чиқариш жараёнларини барқарор таъминлашга хизмат қилмоқда. Бу эса "яшил энергия"дан самарали фойдаланишнинг амалий намунасидир.
🖇Фермер хўжалиги ишлаб чиқариш билан чекланиб қолмасдан, кадрлар тайёрлашга ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Бу ерда 2-сон техникум талабалари дуал таълим тизими асосида амалий машғулотлар ўтаб, соҳа сирларини бевосита иш жараёнида ўрганмоқда.
🔍Эътиборли жиҳати, келгусида ушбу хўжаликда етиштириладиган сифатли балиқ маҳсулотларини туман мактабгача таълим ташкилотларига етказиб бериш режалаштирилган. Бу аҳолини, айниқса ёш авлодни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш йўлидаги муҳим ташаббуслардан бири ҳисобланади.
📸Пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари хўжаликда балиқ етиштиришнинг тўлиқ цикли — чавоқ парваришидан тортиб, озуқа тайёрлаш, парваришлаш ва маҳсулотни истеъмолчига етказиб беришгача бўлган жараёнлар билан яқиндан танишди.
🔍Таъкидланганидек, бундай инновацион ёндашувлар балиқчилик тармоғини ривожлантириш, ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
📍 "Форел Намуна" фермер хўжалиги эса Бешариқ туманида замонавий балиқчиликни ривожлантириш йўлидаги илғор ва намунавий лойиҳалардан бири сифатида эътироф этилмоқда.










