Хитой инвесторлари билан янги лойиҳалар муҳокама қилинди
2026-07-08 05:55:00 / Qabullar
Бешариқ тумани ҳокими Илёсбек Новиков Хитой Халқ Республикасидан ташриф буюрган инвесторлар делегацияси билан учрашув ўтказди.
🖇Учрашув давомида ҳамкорликда амалга оширилиши режалаштирилган қуввати 200 МВт бўлган шамол электр станцияси лойиҳаси юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Лойиҳанинг амалга оширилиши ҳудуднинг энергетик салоҳиятини ошириш, ишлаб чиқариш корхоналарини барқарор ва арзон электр энергияси билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
🔍Шунингдек, йирик тадбиркорлик субъектларини арзон электр энергияси билан таъминлаш мақсадида янги электр тармоқларини қуриш, муҳандислик-коммуникация ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини ривожлантириш масалалари муҳокама қилиниб, мавжуд муаммоларнинг амалий ечимлари бўйича келишувларга эришилди.
🖇Самимий ва конструктив руҳда ўтган мулоқотда Ўзбекистон ҳамда Хитой ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бораётгани алоҳида қайд этилди.
📍Учрашув якунида туман ҳокими Илёсбек Новиков томонидан икки халқ ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада кенгайтиришга қаратилган қатор таклифлар илгари сурилди.










