Бешариқда рақамли келажак сари яна бир муҳим қадам
2026-03-30 13:05:00 / Yangiliklar
Технологиялар асрида яшаб келаётган бугунги кунда энг катта бойлик — бу билим ва инновациядир. Ана шу эзгу мақсад йўлида Бешариқ туманида янги IT Park барпо этилиб, фойдаланишга топширилди.
Очилиш маросимида туман ҳокимининг биринчи ўринбосари, туман прокурори, ҳоким ўринбосарлари, турли ташкилотлар раҳбарлари, нуронийлар ҳамда иқтидорли ёшлар иштирок этдилар.
Стартап гараж лойиҳасининг қиймати 540 млн сўмни ташкил этиб, бир вақтнинг ўзида 64 нафар ёшни ўқитиш қувватига эга бўлиб, йилига 500 нафар ўқувчини замонавий касбларга ўқитиш имкониятини беради.
Лойиҳанинг асосий мақсади — дастурчи ёшлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, стартап лойиҳалар устида иш олиб бораётган ёшларни бир жойга жамлаш ва улар ўртасида тажриба алмашиш имкониятини кенгайтиришдан иборат.
Шунингдек, Бешариқ туманида IT соҳасига қизиқувчи ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ёш дастурчилар учун янги иш ўринлари яратиш мақсадида Американинг “Silk Road Professionals” номли IT компанияси билан ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда.
Мазкур ҳамкорлик доирасида компаниянинг савдо менежерлари — Mr. Dylan ҳамда Mrs. Allison стартап гараж очилиш маросимида фахрий меҳмон сифатида иштирок этдилар.
Бешариқда IT Park қурилиши — бу шунчаки бино эмас. Бу — келажак пойдеворидир. Эндиликда тумандаги ёшлар ўз ҳудудидан чиқмасдан туриб ҳам рақамли соҳада ўрганиш, ривожланиш ва ишлаш имкониятига эга бўлишади.
Бешариқда рақамли келажак сари яна бир муҳим қадам ташланди!







