Қасддан баданга оғир шикаст етказиш билан боғлиқ жиноятлар
2026-03-27 11:35:00 / Yangiliklar

Баданга етказилган шикастнинг хусусияти ва оғирлик даражасини аниқлаш, одатда, тиббиёт органлари ваколатига тааллуқли бўлиб, баданга етказилган шикаст оғирлигини суд-тиббий йўсинда белгилаш қоидаларига мувофиқ ўгказилади. Шу сабабли, баданга шикаст етказилган хар бир холда ЖПКнинг 173-моддаси биринчи қисмииниг 1-банди талабига кўра, суд-тиббиёт экспертизаси тайинланиши ва ўтказилиши шарт бўлиб, унинг хулосаси суд томонидан қайд этилган қоидалар ва ишнинг бошқа материаллари асосида (ЖПК 187-моддаси) бахоланади. Баданга шикаст етказишга оид ишлар бўйича қилмиш тўғри квалификация қилиниши учун айб шакли, баданга шикаст етказиш мотиви, мақсади ва усули, айбдорнинг қилмиши билан келиб чиққан оқибат ўртасида сабабий боғланиш мавжудлиги, шунингдек, ишнинг тўғри хал этилишига ва айбдорга адолатли жазо белгиланиши учун ахамиятли бўлган бошқа холатлар батафсил аниқланади.
Жиноят кодексининг 104-моддаси бўйича жавобгарлик айбдорда мазкур моддалар диспозициясида қўрсатилган шикастни бошқа бир одамга хуқуққа хилоф равишда етказишга нисбатан қасд (тўғри ёки эгри) мавжуд бўлгандагина келиб чиқади.
Агар айбдор ўз харакати ёки харакатсизлигининг ижтимоий хавфли эканлигини англаса, жабрланувчи баданига муайян даражада шикаст етказиши мумкинлигига кўзи етса ва шуни хохласа ёинки хохламасада, бунга онгли равишда йўл қўйса ёки ўз қилмишидан келиб чиқадиган оқибатларга бефарқ қараса, барча қилмиш аслида келиб чиққан оқибатлар бўйича квалификация қилинади.
Баданга хар қандай оғирлик даражасида қасддан етказилган шикаст учун жавобгарлик айбдорнинг қилмиши билан келиб чиққанда ЖК 104-моддасида содир этилаётган пайтда ҳаёт учун хавфли бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш натижасида кўриш, сўзлаш, эшитиш қобилиятини йўқотиш ёхуд бирон аъзонинг ишдан чиқиши ёки унинг фаолияти тамоман йўқолишига, руҳий ҳолатининг бузилишига ёки соғлиғининг бошқача тарзда бузилишига, умумий меҳнат қобилиятининг ўттиз уч фоизидан кам бўлмаган қисмининг доимий йўқолишига ёки ҳомиланинг тушиши ёхуд баданнинг тузалмайдиган даражада хунуклашишига сабаб бўлса ва ушбу Кодекснинг 1261-моддасида назарда тутилган жиноят аломатлари мавжуд бўлмаса, —
уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Қасддан баданга оғир шикаст етказиш:
а) ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлга нисбатан;
б) ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан шахсга ёки унинг яқин қариндошларига нисбатан;
в) ўта шафқатсизлик билан;
г) оммавий тартибсизликлар жараёнида;
д) тамагирлик ниятида;
е) безорилик оқибатида;
ж) миллатлараро ёки ирқий адоват замирида;
з) диний таассублар замирида;
и) инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини олиш мақсадида;
к) бир гуруҳ шахслар томонидан;
л) қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ишлатиб содир этилган бўлса, — беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Қасддан баданга оғир шикаст етказиш:
а) икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан;
б) такроран, хавфли рецидивист ёки илгари ушбу Кодекснинг
97-моддасида назарда тутилган тарзда қасддан одам ўлдирган шахс томонидан;
в) ўта хавфли рецидивист томонидан;
г) уюшган гуруҳ аъзоси томонидан ёки шу гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса;
д) жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлса, —саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Д.Амиров
Жиноят ишлари бўйича
Бахмал туман судининг раиси
