ПРЕСС-РЕЛИЗ
2026-03-28 15:20:00 / Press-relizlar

Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида Янги Ангрен маданият ва спорт саройининг очилиш маросими ҳақида
ПРЕСС-РЕЛИЗ
Тошкент вилояти Ангрен шаҳридаги “Мирзо Улуғбек” маҳалласида Янги Ангрен маданият ва спорт саройининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Республика ишчи гуруҳи аъзолари, вилоят ва шаҳар ҳокимлиги масъуллари, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, маҳалла аҳолиси, нуронийлар, турли миллат вакиллари, миллий-маданий марказлар фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Иштирокчилар Янги Ангрен маданият ва спорт саройи ҳовлисида карнай-сурнай садолари остида тантанали кутиб олинди.
Мазкур маскан Ангрен шаҳридаги 3-сонли Дукент маданият маркази негизида амалга оширилган бўлиб, ушбу марказ кўп йиллардан буён аҳолига маданий хизмат кўрсатиб келаётган нуфузли масканлардан бири ҳисобланади.
2025–2026 йилларда марказда лойиҳа қиймати 31 миллиард сўмлик капитал реконструкция ишлари амалга оширилиб, замонавий қиёфага эга Янги Ангрен маданият ва спорт саройи барпо этилди.
Маълумот учун: Тошкент вилоятида бугунги кунда жами 111 та маданият ва санъат муассасалари фаолият олиб бормоқда. Шуларнинг 72 таси маданият марказлари. 33 таси болалар мусиқа ва санъат мактаблари, 2 таси ихтисослаштирилган маданият ва санъат мактаблари, 1 та кўзи ожизлар махсус кутубхонаси, 1 та Ўзбекистон давлат филармонияси вилоят бўлими, 1 та “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси, 1 та вилоят намунали “Мақом” ансамбли ҳисобланади.
Очилиш тадбири доирасида сарой ҳовлисида ташкил этилган боғ ҳудудида амалий санъат ва ҳунармандчилик буюмлари кўргазмалари, дўстлик, ҳамжиҳатлик ва тинчлик ғояларини тарғиб этувчи расмлар танлови,“Меҳр-оқибат дастурхони” шиори остида турли миллатларнинг миллий таомлари кўргазмалари намойиш этилди.
Шунингдек, боғ ҳудудида ташкил этилган “Book kafe” фаолияти тақдимоти ўтказилди, “Китоблар карвони” доирасида китобхонлик мушоираси ташкил этилди.
Шундан сўнг тантанали равишда лента кесиш маросими бўлиб ўтди ва меҳмонлар бинода яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Жумладан, бинонинг кириш қисмида жойлашган спорт зали,гимнастика хонаси, рассомчилик ва доирачилар тўгараклари фаолияти кўздан кечирилди. Мажмуа таркибида 32х20 ўлчамли спорт зали, фитнес хонаси, шейпинг зали каби замонавий спорт иншоотлари жойлашган.
Бинонинг иккинчи қаватида эса,тасвирий санъат, амалий санъат, рақс, вокал, театр, фольклор ва мусиқа йўналишларидаги тўгараклар фаолияти учун барча шароитлар яратилган бўлиб, иштирокчилар ушбу тўгараклар иши билан ҳам яқиндан танишдилар.
Тадбир якунида мажмуанинг 1-қаватида жойлашган катта залда тантанали концерт дастури намойиш этилди.
Концерт дастури доирасида “Замин” халқ театри жамоаси томонидан Ўзбекистон ва қўшни давлатларда етишиб чиққан буюк алломалар сиймоси гавдалантирилган саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Шунингдек, марказ қурилиши ва реконструкциясида самарали меҳнат қилган бир гуруҳ фаоллар тақдирланди.
Янги Ангрен маданият ва спорт саройининг фойдаланишга топширилиши аҳоли, айниқса ёшларнинг маданият ва спорт билан мунтазам шуғулланиши, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиши, миллий қадриятлар ва санъатни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Мазкур замонавий мажмуа ҳудуд аҳолиси учун маънавият, маданият ва спортни бирлаштирган муҳим маскан сифатида хизмат қилиши кутилмоқда.
Маросим давомида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт кўчатлари экиш тадбири ҳам ўтказилди.
