8 МАРТ – ХАЛҚАРО ХОТИН-ҚИЗЛАР КУНИ
2025-03-08 11:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум, Азиз аёллар!
Муҳтарама онахонлар, қадрли опа-сингиллар!
Аввало, сизларни, сизларнинг тимсолингизда барча онахонларимиз, опа-сингилларимиз, дилбар қизларимизни эзгулик ва гўзаллик байрами 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни билан туманимиз фаоллари, кенг жамоатчилик номидан самимий муборакбод этаман!
Оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимиз учун азал-азалдан буюк қадрият бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Чунки сизлар билан ҳаётимиз гўзал ва мазмунли, хонадонларимиз обод ва нурафшондир.
Азиз ва муҳтарама опа-сингиллар!
Ватанимиз тараққиётида, оила ва жамият ҳаётида хотин-қизлар муҳим ўрин ва мавқега эга. Шу боис, аёлларимиз мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги барча соҳаларда хусусан, давлат бошқаруви ва вакиллик органларида, ишлаб чиқариш, тадбиркорлик, фермерлик, соғлиқни сақлаш, таълим, маърифат, маданият ва бошқа соҳаларда самарали меҳнат қилишмоқда.
Бугунги кунда туманимизда турли жабҳаларда меҳнат қилаётган хотин-қизларимиз 2024 йилнинг ўзида қарийб 21 нафари ўзининг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, улар томонидан 50 та янги иш ўринлари яратилди. 79 нафар аёллар касб-ҳунарга қайта тайёрланиб, 124 нафарининг бандлиги таъминланди.
Жорий йилда Маҳаллаларда «Маҳаллада ижтимоий хизмат модули» асосида хотин-қизлар фаоллари томонидан қисқа муддат ичида 240 тага яқин оилаларнинг ижтимоий хизматлар билан боғлиқ муаммолари аниқланиб, бугунги кунда муаммолар ўз ечимини топмоқда. Бундан ташқари, 2024 йилда «Аёллар дафтари»нинг 5- босқичи доирасида 425 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди. 5 нафар хотин-қизларга тадбиркорлик фаолиятини бошлашлари учун кредитлар ажратилиши режалаштирилган, шунингдек, аёллар дафтарига киритилган 2178 нафар аёлларимизга моддий ёрдамлар ажратиш, 92 нафар уй-жойга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизларнинг муаммолари ҳал этилиб, уларга бир давомида ҳар бирига 500 минг сўмдан уй-жой ижара компенсасияси тўлаб берилиши кўзда тутилган.
Қадрли опа-сингиллар!
Юртимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оила мустаҳкамлигини таъминлаш давлат сиёсати даражасида эканлиги билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.
Биз бугун ўзининг фидокорона меҳнати, эришган улкан ютуқлари, давлат ва жамоат ишларидаги фаол иштироки, ибратли фазилатлари билан халқимиз ўртасида обрў-эътибор қозонган юзлаб опа-сингилларимизнинг номларини ҳурмат билан тилга оламиз.
Туманимизда ҳам бу каби фаолият олиб бораётган бир гуруҳ аёлларимиз меҳнатлари алоҳида этироф этилиб келинмоқда. Жумладан, куни кеча туманимиздаги ҳунарманд, тадбиркор Саодат Файзиеванинг «Мўтабар аёл» кўкрак нишони билан тақдирланганлиги, қолаверса, Оʻзбекистон Республикаси Президентининг “8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида"ги Фармонига асосан, Нурота туманидаги «Нурота наслчилик масъулияти чекланган жамият» бош чўпони Тўйчиева Шоҳиста Холбоевна «Шуҳрат» медали билан тақдирлангани, энг қувонарлиси тумандаги «Қосимқажи-Меруерт» масъулияти чекланган жамият директори Омонбоева Меруерт Эркин қизининг «Зулфия» номидаги Давлат мукофоти билан такдирланганлиги фикримиз исботидир.
Ҳурматли онахонлар, опа-сингиллар!
Сўзимнинг охирида барчангизни Халқаро хотин-қизлар байрами билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман.
Менинг тилагим ва ниятим битта; оилангиз, фарзандларингиз, эл-юртимиз бахтига ҳамиша соғ-омон бўлинглар!
Барчангизга оилавий хотиржамлик, хонадонларингизга тинчлик, файзу-барака тилайман. Доимо халқимиз, Ватанимизнинг юксак меҳри ва ардоғида бўлиш ҳаммангизга насиб этсин!
Яна бир бор байрамингиз муборак бўлсин.
