2 март Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аъзолигига қабул қилинган кун
2025-03-02 / Воқеалар тақвими

БМТни ташкил этиш ҳақидаги қарор СССР, АҚШ, Англия ва Хитой ташқи ишлар вазирларининг Москвадаги кенгашида 1943 йилда, низоми эса Сан Франсиско конференциясида 1945 йилда қабул қилинган. БМТ низомига дастлаб 51 давлат имзо чеккан, 2000 йилда эса улар сони 189 тага етди.
БМТ низомида кўрсатилганидек, у халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, халқларнинг тенг ҳуқуқли бўлиши ва ўз тақдирини ўзи белгилаши қоидасига амал қилиб, миллатлар ўртасида дўстлик муносабатларини ривожлантиришни, иқтисодий-ижтимоий, маданий муаммоларни ҳал этишда халқлар ўртасида ҳамкорлик бўлишини таъминлашни кўзда тутиб, шу умумий мақсадларга эришишда миллатлар ҳаракатини уйғунлаштириб турадиган марказ ҳисобланади.
Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилганидан кейин кўп ўтмай 1992 йил 2 мартда БМТга аъзо бўлди. Шу куни БМТ Бош Ассамблеяси биноси олдида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи кўтарилди. 1993 йили 24-октабр куни БМТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси очилди, шу билан биргаликда, БМТда Ўзбекистон Республикаси ваколатхонаси иш бошлади. Ўзбекистон Республикаси БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари билан шуғулланувчи ташкилоти — ЮНEСКОга ҳам аъзо бўлган.
