Ҳиндистон - Ўзбекистон маданий ҳамкорликлари
2024-02-20 09:45:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон давлат хорерография академияси икки йилдан бери Ҳиндистоннинг ТОП мингталикка кирган Жаваҳарлаъл Неру университети билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.
“Форс тили ва Марказий Осиё тадқиқотлари маркази” ташаббуси билан 2023 йилнинг январ ва ноябр ойларида мазкур университетда “Ўзбекистон–Ҳиндистон: илмий-маданий ҳамкорлик-миллий ва умуминсоний қадриятлар интеграцияси” мавзусида Халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилиб, унда ЎзДХА профессор-ўқитувчилари ва талабаларининг ўзбек рақс санъатигаги долзарб мавзуларга бағишланган мақолалари анжуман материаллари тўпламида ҳинд ва инглиз тилларида чоп этилди.
Шунингдек, анжуман доирасида Деҳлида ҳинд ва ўзбек тилларида чоп этилган “Лазги”-муҳаббат ва қалб рақси, “Ўзбек болалар фолклор рақс санъати: анъанавийлик ва замонавийлик”, “Лазги”-Хоразм дурдонаси, “Сават” рақс туркуми маънавий-маърифий ҳодиса сифатида” номли монографиялар тақдимоти Ж.Неру университетида ўтказилди.
Куни-кеча Ўзбекистон давлат хореография академиясида буюк шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 541 йиллигига бағишланган илмий анжуманларда иштирок этиш учун Тошкентга келган Ж.Неру университети “Форс тили ва Марказий Осиё тадқиқотлари маркази” раҳбари, филология фанлари доктори, профессор Акҳлак Акҳан билан учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирни ЎзДХА ректори, профессор Ш.М.Тохтасимов очиб берди ва меҳмонни академия фаолияти билан таништирди. Профессор Акҳлак Акҳан ҳинд–ўзбек маданий, илмий алоқалари ҳақида маъруза қилиб, “Лазги”-Хоразм дурдонаси монографиясини урду тилига таржима қилиш нияти борлигини айтди ҳамда илмий–ижодий ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳақида келишиб олинди.