Наманган вилоятида ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун янги имтиҳон маркази ишга тушмоқда
2024-01-27 13:30:00 / Янгиликлар

Давлатобод туманининг “Юксалиш” маҳалласи ҳудудида вилоят фуқароларига қулайлик яратиш учун энг янги замонавий техника ва воситалар билан жиҳозланган “Наманган вилояти имтиҳон маркази” ўз фаолиятини бошлаш арафасида турибди.
Шу муносабат билан Наманган вилояти ИИБ бошлиғи полковник Шухрат Алиев ушбу марказдаги назарий имтиҳон топшириш хоналари, шунингдек, амалий синов майдончаларида яратилган шароитлар ва қулайликлар билан яқиндан танишди. Ўрганишлар давомида марказ мутахассислари томонидан имтиҳон олиш тартиби тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.
Учрашув якунида бошқарма бошлиғи марказ масъулларига Йўл ҳаракати хавфсизлиги бугунги куннинг долзарб аҳамиятга эга масаласи эканлиги, шаффофликни таъминлаш йўлида ташкил этилаётган ушбу маскан эса келгусида намунали ҳайдовчиларнинг сони ортишида хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати



