КУЗГИ АГРОТЕХНИК ТАДБИРЛАР — МЎЛ ҲОСИЛ ГАРОВИ
2026-10-15 15:35:00 / News

Куз ва қиш фасллари деҳқон ва фермерлар учун келгуси мавсум ҳосилига замин яратиладиган муҳим даврдир. Бу пайтда амалга ошириладиган агротехник тадбирлар ҳосилдорлик билан бир қаторда, етиштириладиган маҳсулотларнинг сифати ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Қишки буғдой ва арпа каби донли экинларни экишда ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитига мос, касаллик ва ноқулай об-ҳавога чидамли навларни танлаш, сифатли ва соғлом уруғликдан фойдаланиш зарур. Уруғликни экишдан олдин текшириш ва тегишли препаратлар билан дорилаш касалликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Тупроқни экишга сифатли тайёрлаш, намликни сақлаш, ўғитларни тупроқ таҳлили асосида меъёрда қўллаш ҳам муҳим. Пестицид ва агрокимёвий воситалардан фойдаланишда белгиланган меъёр ҳамда кутиш муддатларига риоя қилиш, тупроқ ва сув ресурсларини ифлосланишдан асраш лозим.
Куз-қиш мавсумида боғ ва узумзорларда ҳам зарур тадбирларни амалга ошириш керак. Қуриган ва касалланган шохларни кесиш, зараркунанда манбаларини бартараф этиш, тупроққа ишлов бериш ҳамда заруратга кўра ҳимоя тадбирларини ўтказиш келгуси мавсум учун муҳимдир.
Янги кўчат ва уруғликларни танлашда уларнинг соғломлиги ва фитосанитар ҳолатига эътибор бериш, номаълум манбалардан харид қилмаслик зарур. Бу орқали зараркунанда, касаллик ва бегона ўтларнинг тарқалишининг олди олинади.
Айниқса, экспортга мўлжалланган маҳсулот етиштиришда фитосанитар талабларга қатъий риоя қилиш муҳим. Чунки ташқи бозорга чиқишда маҳсулотнинг нафақат сифати, балки карантин зараркунандалари ва касалликлардан холи эканлиги ҳам талаб этилади.
Хулоса қилиб айтганда, куз-қиш мавсумидаги ҳар бир агротехник тадбир — келгуси йилги мўл, сифатли ва хавфсиз ҳосилнинг пойдеворидир. Бугунги пухта меҳнат эртанги фаровонлик, озиқ-овқат хавфсизлиги ва экспортбоп маҳсулот етиштиришнинг муҳим гаровидир.
Қува туман фитасанитар назорати давлат инспркторлари Аҳмедобв Эрматжон
Ваҳобов Адаҳамжон
