Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот: муаммоларга амалий ечим
2026-09-22 22:05:00 / News

Қува туманида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятида юзага келаётган муаммоларни аниқлаш ва уларга амалий ечим топишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда Қува тумани ҳокими Халимжон Умаров тадбиркорлар билан кунлик қабул ўтказди.
Қабул давомида тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, савдо ва бошқа йўналишлардаги фаолияти билан боғлиқ муаммо ҳамда таклифлари бевосита эшитилди.
Мурожаатлар асосан тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ер ва инфратузилма масалалари, кредит маблағларидан фойдаланиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш ҳамда янги иш ўринлари яратиш билан боғлиқ масалаларга қаратилди.
Ҳар бир мурожаат масъул ташкилотлар ва мутасаддилар иштирокида кўриб чиқилиб, уларни ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилди. Қўшимча ўрганишни талаб этадиган масалалар масъулларга бириктирилиб, ижросини таъминлаш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Туман раҳбари тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини таъминлаш, уларга мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишда амалий кўмак кўрсатиш ҳамда мурожаатларнинг ижобий ечимини таъминлаш муҳим вазифа эканини таъкидлади.
Тадбиркорлар билан бундай очиқ мулоқотлар уларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва жойида ҳал этиш, янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳудудда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга хизмат қилмоқда.




