ХАЭА Ўзбекистон миллий регуляторини кучайтиришга кўмаклашади
2024-09-21 18:00:00 / News
ВЕНА, 21 сентябрь. /"Дунё" АА/. Кеча Халқаро атом энергияси агентлигининг (ХАЭА) Вена шаҳридаги штаб-квартирасида мазкур тузилма бош директори Рафаэль Мариано Гросси Ўзбекистон Саноат, радиация ва ядровий хавфсизлик қўмитаси раиси Абдуваққос Рафиқов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Мулоқот чоғида ХАЭА бош директорига Ўзбекистоннинг жадал иқтисодий ўсиши ва республиканинг атом энергетикасини ривожлантиришга бўлган эҳтиёжи ортиб бораётгани, шунингдек, шунингдек, саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасидаги Ўзбекистон миллий регулятори тузилмаси ва мақомидаги сўнгги ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди.
Томонлар Ўзбекистонда кам қувватли атом электр станциясини қуриш режаларига алоҳида эътибор қаратиб, республика бундай лойиҳани амалга ошираётган биринчи давлатлардан бири эканлигини таъкидладилар.
Рафаэль Гросси Агентлик раҳбариятининг ХАЭАнинг турли платформалари орқали Ўзбекистон ҳукуматининг миллий регуляторни кучайтириш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш ниятини тасдиқлади. Хусусан, у Ўзбекистонда хавфсизликни тартибга солувчи инфратузилманинг ХАЭА хавфсизлик стандартларига мувофиқлигини текширишга қаратилган эксперт миссиясини ўтказишни таклиф қилди.