60 бошдан бошланган меҳнат — бугун 2 мингдан зиёд ўрдак!
2026-07-13 08:40:00 / News
Бешариқ тумани ҳокими Илёсбек Новиков туманда парандачилик соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишиш давомида тадбиркор Насибахон Турдалиеванинг фаолияти билан танишди.
Меҳнат, сабр ва интилиш муваффақиятнинг энг ишончли гаровидир. Буни Бешариқлик тадбиркор Турдалиева Насибахон опанинг фаолияти яна бир бор исботлаб турибди.
У ўз тадбиркорлик йўлини атиги 60 бош ўрдак билан бошлаган бўлса, бугунги кунда унинг хўжалигида 2 мингдан зиёд ўрдак парвариш қилинмоқда.
«Ишни кичикдан бошлаганман. Ҳар бир қадам меҳнат билан босилган. Бугун эса меҳнатимиз самарасини кўриб турибмиз», — дейди Насибахон опа.
Бугун ушбу хўжалик нафақат оиланинг даромад манбаига, балки паррандачилик соҳасини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтиришга ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.
Кичик қадамлар катта натижаларга олиб келади. Насибахон опанинг меҳнат йўли эса тадбиркорликни бошлаш истагида бўлганлар учун ҳақиқий ибрат мактабидир.







