Бешариқда янги қандолатчилик корхонаси иш бошлади
2026-03-30 12:00:00 / News
Бешариқ туманида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар изчил давом этмоқда.
Хусусан, тумандаги 1-сон техникум қошида “Xan” бренди остида замонавий қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи янги корхона тантанали равишда ишга туширилди.
🔍 Мазкур лойиҳа тадбиркор Боротов Достонбек ташаббуси билан амалга оширилиб, дуал таълим тизими асосида фаолият юритмоқда. Бу эса ёшларнинг назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштиришга кенг имконият яратмоқда.
🔺 Корхонада айни пайтда 10 турдаги миллий ширинлик маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, уларнинг сифати ва рақобатбардошлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар нафақат ички бозорда, балки қўшни давлатларга ҳам экспорт қилинмоқда.
🔹Энг муҳими, ушбу корхона орқали 20 нафар хотин-қизлар доимий иш ўрнига эга бўлиб, уларнинг даромад манбаи яратилди.
Очилиш маросими кўтаринки руҳда бўлиб ўтиб, туман ҳокимининг ўринбосарлари, соҳа мутахассислари, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Бешариқда бундай истиқболли лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши ҳудуд иқтисодиётини мустаҳкамлаш, экспорт салоҳиятини ошириш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.







