Академик лицей ҳамда профессионал таълим муассасалари педагогларини аттестациядан ўтказиш тартиби
2024-04-27 10:35:00 / Вазирлик янгиликлари

1. Профессионал таълим ташкилотининг педагог кадрлари неча йилда мажбурий аттестациядан ўтказилади?
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 572-сон қарорига мувофиқ педагог кадрлар ҳар беш йилда бир марта навбатдаги мажбурий аттестациядан ўтказилади.
2. Университетни тугатиб техникумда ўқитувчи бўлиб ишлаётганимга 6 ой бўлди, мен бу йили ўтказиладиган аттестация имтиҳонларига қатнаша оламанми?
Низомга кўра, илгари аттестациядан ўтмаган ишга янги қабул қилинган педагог кадрларга ёки олий таълим ташкилотларини битириб биринчи бор ишга кирган педагог кадрлар касбий фаолиятига уч йил тўлгандан сўнг навбатдаги мажбурий аттестациядан ўтказилади.
Аммо, педагог кадрлар ўз хоҳишига кўра (ихтиёрий) навбатдан ташқари аттестациядан ўтказилиши мумкин.
3. Олий тоифали ўқитувчиман 15 йилдан бери физика фанидан академик лицейда дарс бераман, бу йил ўтказиладиган мажбурий аттестацияда қатнашишим керакми?
Амалдаги Низомга мувофиқ олий малака тоифани 15 йил давомида сақлаб келган ва узлуксиз иш стажига эга бўлган педагог кадрлар мажбурий аттестацияга жалб этилмайди.
Бундан ташқари, фан номзоди, фалсафа доктори ёки фан доктори даражасига ҳамда Олий аттестация комиссияси томонидан берилган катта илмий ходим, доцент ва профессор илмий унвонига эга бўлган педагог кадрлар ҳам мажбурий аттестацияга жалб этилмайди. Аммо ихтиёрий навбатдан ташқари аттестацияда қатнашишлари мумкин. Аттестацияда салбий натижа қайд этилган тақдирда, олдин амалда бўлган малака тоифаси (лавозими) сақлаб қолинади.
4. Академик лицейда олий тоифали ўқитувчи бўлиб ишлайман, туғруқ таътилдан чиққанимга 4 ой бўлади, бу йил ўтказиладиган аттестация имтиҳонларига қатнаша оламанми?
Низомга кўра, ҳомиладорлик ва туғиш ҳамда болани парвариш қилиш таътилларида бўлган аёллар, улар таътилда бўлган даврда ҳамда ишга чиққанидан кейин бир йил давомида аттестация имтиҳонига мажбурий жалб этилмайди. Яъни, мажбурий жалб этилмайсиз, аммо ихтиёрий қатнашишингиз мумкин.
5. Касб-ҳунар мактабида ўқитувчи бўлиб ишлайман, мажбурий аттестация имтиҳонидан ўтганимга 2 йил бўлади, ўз хоҳишимга кўра навбатдан ташқари аттестация имтиҳонларига қатнашишим мумкинми ва бу малака тоифамга таъсир қилмайдими?
Жавоб: Ҳа албатта, қатнашишингиз мумкин. Низомга кўра навбатдаги мажбурий аттестацияга жалб этилмайдиган педагог кадрларнинг амалдаги малака тоифалари сақланиб қолади ҳамда уларга таълим ташкилотларида ишлаган даврида мазкур малака тоифаси бўйича ҳақ тўланади.
Ўз хоҳишига кўра навбатдан ташқари аттестацияда қатнашиб, малака тоифасини оширган ёки сақлаб қолган педагог кадрларга оширилган ёки сақлаб қолинган малака тоифаси бўйича ҳақ тўланади.
6. Университетни тугатиб бу йил академик лицейга ўқитувчи бўлиб ишга кирдим, аттестация имтиҳонларига қатнашишимга қадар менга қандай малака тоифаси берилади?
Илгари аттестациядан ўтмаган ишга янги қабул қилинган педагог кадрларга ёки олий таълим ташкилотларини битириб биринчи бор ишга кирган педагог кадрларга аттестацияга жалб этилгунга қадар мутахассис малака тоифаси берилади.
7. Олий тоифали ўқитувчиман. 2 та жойда ишлайман. Асосий ишим академик лицейда, мактабда ўриндош сифатида дарс ҳам бераман. Асосий иш жойимдан аттестациядан ўтаганман, қўшимча иш жойимдан ҳам ўтишим керакми?
Низомга кўра, педагог кадрлар асосий иш жойи бўйича аттестацияга жалб этилади. Таълим ташкилотларида ўриндошлик асосида дарс берадиган ва асосий иш жойи бўйича педагогик фаолият билан шуғулланмайдиган педагог кадрлар ўриндошлик асосида фаолият юритаётган таълим ташкилотидан аттестацияга жалб этилади. Сиз ҳолатингизда, асосий иш жойингиздан аттестациядан ўтган бўлсангиз ўриндошлик асосидаги иш жойидан аттестациядан ўтиш талаб этилмайди.
8. Педагогларнинг аттетатсиядан ўтказиш йилда неча маротаба бўлади?
Академик лицей ҳамда профессионал таълим муассасаларининг педагог кадрлари учун малака синовлари ҳар йили март — май ҳамда октябрь — ноябрь ойларида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ўтказилади.
Маълумот ўрнида жорий йил 1 мартга қадар белгиланган тартибда мурожаат қилган педагог кадрлар учун иккинчи босқич (тест) имтиҳонлари май ойида ўтказилиши режалаштирилган. Тест ўтказилиш санаси ҳақида қўшимча вазирликнинг веб-сайти ҳамда @eduuz ижтимоий тармоқлари орқали хабар берилади.
9. Аттестация қандай шаклда ўтказилади? Тартиби, баҳолаш мезонлари ҳақида батафсил маълумот бероласизми?
Академик лицей ҳамда профессионал таълим муассасаларининг педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш икки босқичда амалга оширилади ҳамда иккита босқич бўйича умумий 100 баллик тизимда баҳоланади:
биринчи босқичда — педагог кадрнинг педагогик маҳорати ва психологик тайёргарлиги, иккинчи босқичда — ўқув фани бўйича билим даражаси баҳоланади.
педагогик маҳорати ва психологик тайёргарлиги таълим ташкилотининг педагогик (кузатув) кенгашлари томонидан ўрганилади ҳамда мазкур Низомга 5-иловага мувофиқ баҳолаш мезонлари асосида 20 баллик тизимда баҳоланади.
педагогнинг ўқув фани бўйича билим даражасини аниқлаш учун 40 та тест топшириғи берилади. Ҳар бир тўғри бажарилган тест топшириғи 2 балл билан баҳоланиб, тест синовлари учун жами 80 балл тўплаш мумкин.
Шунингдек, камида С1 даражадаги миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификатга эга чет (инглиз, француз, немис, испан, итальян, араб, хитой, япон, корейс, турк, форс, пушту, дари, урду, ҳинд) тили фани ўқитувчиларига навбатдаги мажбурий аттестацияда мутахассислик фани ва касб стандарти бўйича билим даражасини аниқлаш ҳамда ўқув фани бўйича малака синовидан максимал 80 балл берилади ҳамда улар ушбу малака синовидан озод этилади.
Малака синови натижалари синов якунланган кундан бошлаб бир ҳафтадан кечикмасдан, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқларида эълон қилинади.
Педагог кадр қуйидаги ҳолларда малака синовларидан четлаштирилади.:
синов ўтказилаётган аудиторияга ҳар қандай адабиёт, шпаргалка ёки телекоммуникация ва техника воситаларини олиб кирса;
синов ўтказилаётган вақтда бошқа иштирокчилар билан мулоқот қилса;
саволларни кўчириб олишга ҳамда синов материалларини аудиториядан олиб чиқишга ҳаракат қилса;
синов материалларини бошқа талабгорларга берса, синовни ўтказиш жараёнига халақит қилса;
синов жараёнига бошқа талабгорнинг ўрнига кирганлиги аниқланса;
синовлар учун ажратилган вақт тугагандан сўнг синов материалларини топширишдан бош тортса;
синовлар жараёнида видеокузатувлар орқали талабгорнинг тартиб ва қоидаларга амал қилмаса.
10. Аттестация натижаларидан норози бўлган талабгор, кимга қай тартибда мурожаат қилиши керак?
Аттестация натижаларидан норози бўлган педагог кадрлар натижалар эълон қилинган кундан бошлаб ўн кун мобайнида апеллатсия комиссиясига ёзма равишда ариза беришлари мумкин.
Апеллатсия комиссияси аттестация бошлангандан кейин ўн кун ичида ваколатли вазирликлар раҳбарларининг буйруғига кўра етти кишидан иборат таркибда тузилади.
Апеллатсия комиссиясига мурожаат қилиш ёзма равишда ёки ваколатли вазирликнинг расмий веб-сайти орқали электрон тарзда амалга оширилади.
Ариза (шикоят) рўйхатга олинган кундан бошлаб ўн кун муддатда кўриб чиқилади ва Апеллатсия комиссияси қарори нусхаси мурожаат этувчи педагог кадрга қарор чиққан кундан эътиборан беш кун муддатда тақдим этилади.
11. Олий тоифали ўқитувчиман касб–ҳунар мактабида мен узрли сабабларга кўра мажбурий аттестация имтиҳонларига қатнаша олмадим, бошқа санада бориб имтиҳон топширганда тўлов талаб қилинмайдими?
Низомга мувофиқ, сиз мажбурий аттестатсия имтиҳонларига тўлов қилмайсиз. Тўлов ихтиёрий аттестатсия имтиҳонларида талаб қилинади. Агар педагог кадрлар узрли сабабларга кўра аттестатсияга келмаганлиги туфайли уларнинг аттестатсияси бошқа муддатга кўчирилган тақдирда, йиғим такроран ундирилмайди.
