Ўзбекистонда аудиокитоблар бозори бўлмайдими?
2024-08-02 10:00:00 / Янгиликлар

Тараққиёт ва глобаллашув фонида китоблар ҳаётимиздан чиқиб бораётгандек, аммо шундай кўрингани билан аудиокитоблар ҳамда улардан фойдаланиш кенг оммалашиб бормоқда. Бундай китоблар дастлаб кўзи ожиз ёки имконияти чекланган кишилар учун пайдо бўлган, аммо вақт ўтган саин, айниқса, гаджетлар ривожланиши билан аудиокитоблардан фойдаланиш кенг тарқала бошлади. Инсонлар вақтдан ютиш, ортиқча юк сифатида китоб кўтариб юришдан қочиш ва энг муҳими, кўз саломатлиги нуқтаи назаридан аудиокитобларни қулай ечим сифатида кўришади. Яъни кун давомида телефон, компьютер ва шунга ўхшаш турли қурилмаларга қараш оқибатида кўзи чарчайдиган киши учун тағин китоб ўқиш ортиқча юклама бўлиши мумкин, шу сабаб, аудиокитоб тинглаш қулай бўлиб қолмоқда.
Жамиятда аудиокитоб тинглаш анъанавий тарзда китоб ўқиш каби таъсирчан ва фойдали эмас, деган иддаолар ҳам бор, бу борада доимий баҳслар бўлиб туради. Тўғри, ростдан ҳам аудиокитобларнинг камчиликлари мавжуд, масалан, китоб ўқиш орқали инсоннинг тўғри ёзиш кўникмаси ривожланади, аудиокитобда эса бу хусусият йўқолади. Бундан ташқари, тажрибаларга кўра, тингловчи аудиокитоблардаги иккинчи даражали қаҳрамонларни эслаб қолиши қийинроқ экан.
Аммо шу билан бирга ютуқли томонлари ҳам етарли. Аудиокитоб тинглашда вақтдан унумли фойдаланиш мумкин, бирор бир юмуш бажариш асносида параллел равишда аудиокитоб эшитиб юрса бўлади. Қолаверса, бундай китоблар анъанавий китоблардан арзон ёки текин, ортиқча кўз толиқиши йўқ, эшитиш орқали маълумот қабул қилиш эса осон, экологик фойдали, яъни қоғоз учун ёғоч ишлатилмайди, яхши аудиолаштирилган китоб эса анъанавий шаклидан кўра кўпроқ завқ бериши мумкин, ҳали ўқишни билмайдиган болалар учун ҳам мўлжалланган турлари мавжуд.
Умуман, жаҳонда аудиокитобларнинг ривожланиш тенденцияси ошиб бормоқда, китобчилик саноатидаги улуши ҳам кундан-кунга ортяпти. Ўзбекистонда ҳам бу борада сўнгги йилларда сезиларли ўсиш кузатилди, бу ҳақда қуйироқда тўхталамиз. Унгача тарихига ва умумий ривожланишига назар ташласак.
Аудиокитоблар тарихи қандай?
Юқорида айтилганидек, аудиокитоблар биринчи марта кўзи ожиз инсонлар учун ишлаб чиқилган. 1932 йилда Америка Кўзи ожизлар жамғармаси томонидан пластинкаларга аудио китоблар ёзиш студияси ташкил этилиши билан ушбу йўналиш тарихи бошланади. Дастлабки ёзувларга Уилям Шекспирнинг пьесалари, АҚШ Конституцияси ва Гледис Ҳасти Керроллнинг “Ер айланаётганда” романи киритилган.
Янги технологиялар пайдо бўлиб бориши билан аудиокитоблар ҳам босқичма-босқич ривожлана бошлади. 1960 йилларда кассеталар, 1980 йилларда эса компакт дисклар ихтиро қилиниши аудиокитобларнинг яна бир қадар ўсишига туртки бўлди. 1994 йилда Amazon компаниясининг тармоқ компанияси бўлган Audible ўзининг биринчи аудиокитоблар учун аудио плеерини тақдим этди, бир йил ўтиб аудиокитобларни компьютерларга юклаб олиш имкони пайдо бўлди ва бу билан янги босқичга қадам қўйилди.
Яқин келажакда аудиокитоблар бозори қандай ривожланади?
Жаҳон аудиокитоблар бозори ҳажми 2023 йилда 6,83 миллиард долларга баҳоланган ва 2024 йилдан 2030 йилгача 26,2 фоизга ўсиши кутилмоқда. Смартфонларнинг ривожланиб бориши аудиокитобларнинг оммавийлигини оширди. Бундан ташқари, сунъий идрок интеграцияси аудиокитоблар соҳасига ҳам кириб келди. АИ алгоритмлари асосида баъзи аудиокитоб платформаларида фойдаланувчига мос китоб тавсия қилиш имкониятлари ҳам қўшилди. Бу бўйича ишловчи компаниялар келажакда соҳага технологик янгиликларни жалб этиш тенденциясини янада ошириб бориши прогноз қилиняпти.
Бутун дунё бўйлаб аудиокитоблар бозоридаги даромад 2024 йилга бориб 7,93 миллиард долларга етиши кутилмоқда.
Таҳлилларга кўра, даромад суръати йиллик (2024-2029) 10,44 фоизга ўсиб, 2029 йилга бориб 13,03 миллиард АҚШ долларини ташкил этади.
Бутун дунё бўйлаб аудиокитоблар бозорида китобхонлар сони 2029 йилда 1,8 миллиардга етади.
Глобал миқёсда таққосланадиган бўлса, бу соҳа энг кўп АҚШда даромад келтиради — 2024 йилда 3,4 миллиард АҚШ доллари.
Жаҳон медиа бозорида аудиокитобларга талаб ортиб бораётгани сабаб, бутун дунё бўйлаб истеъмолчилар учун қулай ва қизиқарли аудиолаштиришга ўтиш жараёни бошланган.
Ўзбекистонда соҳа қандай ривожланяпти, қанчалик фойда келтиряпти?
Яқин-яқингача Ўзбекистонда бу борада айтарли катта лойиҳалар кўзга ташланмаётган, Telegram, Youtube каби платформаларда асосан кўнгиллилар томонидан китоблар аудиолаштирилиб келинаётган эди. Бундан ташқари, телевидение орқали ҳам китоб ўқиб берувчи дастурлар, китоблар асосидаги радиоспектакллар йўлга қўйилган, аммо булар бошқа масала.
2024 йил бошида Ёшлар ишлари агентлиги Халқ банки ҳамкорлигида “Мутолаа” лойиҳасини эълон қилди. Лойиҳанинг “Мутолаа” иловаси бўлиб, унда ҳозиргача 2 мингга яқин китоб электрон ва аудио шаклда жойланган. Ушбу лойиҳа доирасида тайёрланган аудиокитоблар Ўзбекистонда бу соҳада кескин кўтарилиш ҳосил қилди, дейиш мумкин.
Энг муҳим жиҳати шундаки, бу китоблар мутлақо бепул, бор-йўғи иловада рўйхатдан ўтиш орқали фойдаланиш мумкин. Бундан ташқари, аудиолаштирилган китоблар профессионал дубляж актёрлари томонидан ўқилмоқда ва бу иш устида катта жамоа ишлаяпти. Буларнинг барчаси ёшларни китобхонликка жалб этиш учун амалга оширилмоқда, айтганимиздек, моддий манфаат йўқ.
“Бу жараён жўнгина эмас. Ижрочи ўқиётганида хато ўқиб юбормаслиги ҳамда ёзиб олиш сифатини назорат қилиш учун у билан бирга яна бир масъул киши бўлади. Шундан кейин икки босқичли монтаж ишлари бўлади. Сўнг аудиони эксперт эшитади, у аниқлаган камчиликлар бартараф этилади, хатолик ўтган жойлари қайта ўқитилиб, яна ишга улаб юборилади. Экспертнинг вазифаси ҳам аудиони эшитиб, ҳам кўз билан матнни кузатиб қайси хатоликни ўтказиб юбориш мумкин ёки мумкинмаслиги бўйича хулоса бериш.
Ривожланган давлатларда ҳар бир китобни бир нечта сухандон ўқиган вариантлари мавжуд. Бизда эса жуда кам китоблар овозлаштирилган. Шундай даражага етишимиз лозимки, керак бўлса, битта китобнинг бир нечта овозда ўқилган вариантлари бўлсин ва китобхон ўзига маъқулини танлаш имкониятидан фойдалансин”, – дейди “Мутолаа” лойиҳасининг аудиокитоблар бўйича эксперти Ширин Ўлмасова.
Юқорида аудиокитоблар саноати, унинг улуши ўсиб бориши ҳақида гапирдик. Ўз-ўзидан савол туғилади: Ўзбекистонда бу борада бепул лойиҳалар бўляпти экан, аудиокитоб саноатини йўлга қўйиб бўладими?
“Мутолаа” лойиҳаси барча китобларни овозлаштиришни қамраб ололмайди, чунки ҳамма нашриётлар бунга рухсат беравермайди, муаллифлик ҳуқуқи масаласи бор, албатта. Қолаверса, йилдан-йилга янги китоблар ёзилади, таржима қилинади, бадиий китоблардан ташқари ҳам турли ривожлантирувчи дарсликлар, қўлланмалар ва шу кабилар ҳам бор. Демакки, Ўзбекистонда ҳам катта аудиокитоблар бозорини шакллантириш мумкин ва бу истиқболли соҳа бўлиб қолаверади.
