Сурхондарё вилояти туманлари ҳокимлари "Мираки" халқаро туризм маркази фаолияти билан танишди
2025-06-23 21:35:00 / Янгиликлар

Президентимизнинг жорий йил 19-20-июн кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи доирасида Шаҳрисабз туманидаги Ҳисор тоғ етакларида жойлашган "Мираки" халқаро туризм маркази фаолияти билан танишилди. Давлатимиз раҳбари ушбу масканда яратилган шароитлар, табиий ландшафт ва инфратузилма имкониятларини юқори баҳолар экан, улар орқали ҳудудий туризмни ривожлантиришда катта салоҳият мавжудлигини таъкидлади.
Мазкур ташаббусни ўрганиш ва тажриба алмашиш мақсадида, Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳри ҳамда барча туманлари ҳокимлари "Мираки" туризм марказига ташриф буюришди. Ташриф доирасида ҳокимлар марказдаги экотуризм, тарихий меросга асосланган туризм ва замонавий сервис хизматлари билан яқиндан танишдилар.
Ўрганилган илғор тажриба асосида ҳар бир ҳоким ўз ҳудудида мавжуд салоҳият ва табиий ресурсларни инобатга олган ҳолда, туризмни ривожлантиришга қаратилган янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш юзасидан аниқ вазифаларни белгилаб олди.






