Видеорепортаж: Янгиободда янги давлат мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди
2025-07-25 14:00:00 / Янгиликлар

Ана шундай саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, Янгиобод туманининг Хўжамушкент маҳалласида янги, замонавий 11-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти барпо этилиб, фойдаланишга топширилди.
Мазкур таълим маскани очилиш маросимида Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев, вилоят прокурори — адлия катта маслаҳатчиси Бахтиёр Иброҳимов, маҳалладаги нуронийлар, маҳалла фаоллари, ота-оналар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар. Тадбирда янги боғчанинг аҳамияти, унинг болалар таълим-тарбиясида тутган ўрни, шунингдек, оилалар учун яратилаётган қулайликлар хусусида алоҳида тўхталиб ўтилди.
Бугунги кун талабларига мос равишда қурилган 80 ўринга мўлжалланган 11-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида болалар учун барча шарт-шароитлар яратилган. Муассаса тўлиқ таъмирланган, замонавий мебель ва ўқув жиҳозлари билан таъминланган. Бу ерда ҳар бир боланинг интеллектуал, жисмоний ва маънавий ривожи учун керакли муҳит яратилган.
Муассасада мусиқа ва бадиий ижодот хонаси, соғломлаштириш бурчаклари, кутубхона, ҳамда болалар овқатланиши учун санитар талабларга жавоб берадиган ошхона мавжуд. Шу билан бирга, экологик тозалик ва хавфсизлик талабларига тўлиқ амал қилинган.
Боғчада ўз ишига масъулият билан ёндашувчи, малакали педагог-тарбиячилар фаолият юритади. Улар болаларни илк таълим босқичларига тайёрлаш, уларнинг дунёқараши ва қобилиятларини ривожлантиришга йўналтирилган методлардан фойдаланади.
Маҳаллий аҳоли янги боғчанинг қурилиши ва иш бошлаганидан мамнун. Чунки бу каби замонавий муассасалар болаларнинг сифатли таълим олиши билан бирга, ота-оналарнинг иш билан бандлигини таъминлашга ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Очилиш маросимида сўзга чиққан вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев маҳаллий аҳолини янги боғчанинг фаолият бошлаши билан самимий табриклар экан, бу каби ташаббуслар келажакда ҳам давом эттирилишини таъкидлади. Шунингдек, таълимга инвестиция киритиш — мамлакатнинг интеллектуал салоҳиятига энг яхши сармоя экани таъкидлаб ўтилди.




