Видеорепортаж: “Nurli To‘lqin” Holding замонавий автотураргоҳини фойдаланишга топширди
2025-07-14 15:00:00 / Янгиликлар

Очилиш маросимида Жиззах шаҳри ҳокими Комил Холмуродов, “Nurli To‘lqin” Holding кузатув кенгаши раиси Сардор Қурбонов, кенг жамоатчилик вакиллари, нуронийлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари ва ижтимоий тармоқ фаоллари иштирок этишди.
“Nurli To‘lqin” Holding — Ўзбекистонда фаолият юритиб келаётган йирик корпоратив гуруҳлардан бири бўлиб, қурилиш, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, савдо ҳамда ижтимоий лойиҳалар соҳаларида фаол инвестицион фаолиятни амалга ошириб келмоқда. Холдинг таркибидаги корхоналар маҳаллий бозорлар учун турли хил маҳсулот ва хизматлар таклиф этмоқда.
Логистика юк ташувчи ва йўл қурилиши махсус техникалари учун мўлжалланган янги автотураргоҳ кенг ҳудудга эга бўлиб, 400 дан ортиқ техника воситасини қабул қилиш имкониятига эга. У ерда ҳар бир техника учун алоҳида техник хизмат кўрсатиш нуқталари ташкил этилган, замонавий автоустахона, ёқилғи сақлаш мажмуаси ва эҳтиёт қисмлар омбори билан жиҳозланган. Шунингдек, ёнғинга қарши тизимлар ва хавфсизлик талабларига тўлиқ мос муҳит яратилган.
Ушбу автотураргоҳ “Nurli To‘lqin” Holdingнинг техник паркларини самарали бошқариш, техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишларини юқори сифатда амалга ошириш, шу билан бирга махсус техникаларнинг узоқ муддат ишлашини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, автотураргоҳда техника ҳайдовчилари ва муҳандис-техник ходимлар учун қулай меҳнат ва дам олиш шароитлари яратилган.
Тадбир давомида “Nurli To‘lqin” Holding кузатув кенгаши раиси Сардор Қурбонов бундай замонавий иншоотнинг фойдаланишга топширилиши нафақат холдинг, балки Жиззах вилоятидаги кўплаб йўл-қурилиш лойиҳалари учун хизмат кўрсатишда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
