Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида Ҳисоб палатаси томонидан ўтказилган самарадорлик аудити натижалари муҳокама қилинди.
2026-04-22 15:10:00 / Янгиликлар

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида Ҳисоб палатаси шўъба мудири Н. Иманкулов иштирокида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари С. Ражабов ва Инновацион ривожланиш агентлиги директори в.в.б А. Норов, бошқа вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда Илмий-техник кенгашлари раислари иштирок этди.
Мазкур тадбир давлат маблағларидан самарали фойдаланиш, молиявий интизомни мустаҳкамлаш ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш чораларини белгилашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Йиғилиш давомида жорий йилнинг февраль ойида Ҳисоб палатаси томонидан ўтказилган самарадорлик аудити натижалари атрофлича муҳокама қилинди.
Хусусан, самарадорлик аудити жараёнида аниқланган тизимли камчиликлар, молиявий ва ташкилий масалалар, шунингдек, айрим лойиҳалар ижросида учраётган муаммолар юзасидан батафсил таҳлиллар тақдим этилди.
Масъуллар таъкидлашича, самарадорлик аудити натижалари фақат камчиликларни аниқлаш билан чекланиб қолмай, балки келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қиладиган аниқ механизмларни ишлаб чиқиш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Шу нуқтаи назардан, йиғилишда Ҳисоб палатаси томонидан аниқланган камчиликлар бўйича алоҳида чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, уларни тасдиқлаш ҳамда ижросини қатъий назоратга олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Кенгайтирилган йиғилишда сўзга чиққан мутасаддилар молиявий шаффофликни таъминлаш, бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш ҳамда инновацион лойиҳаларни амалга оширишда самарадорликни ошириш бугунги куннинг устувор вазифаларидан бири эканини қайд этдилар.
Шунингдек, ички назорат тизимини кучайтириш, ҳисобот юритиш амалиётини такомиллаштириш ва масъул ходимларнинг малакасини ошириш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилиш якунида аниқ вазифалар белгилаб олинди. Жумладан, самарадорлик аудити натижасида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режасини қисқа муддатларда тасдиқлаш, ҳар бир банд ижроси учун масъулларни бириктириш, ижро интизомини кучайтириш ва мониторинг тизимини жорий этиш ҳамда мунтазам ҳисоботлар тақдим этиб бориш белгиланди.
Таъкидланишича, ушбу чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши Агентлик фаолияти самарадорлигини ошириш, давлат маблағларидан фойдаланишда очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.
Мазкур йиғилиш инновацион ривожланиш тизимида масъулиятни янада ошириш, молиявий бошқарувни такомиллаштириш ва давлат органлари, олий таълим ҳамда илмий тадқиқот муассасаларининг Илмий-техник кенгашлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлди.






