Ҳарбий хизматчиларга ҳарбий унвонларни олиш учун сертификатлар топширилди
2023-10-23 19:45:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 20.01.2023 йилдаги ПҚ-10-сон қарорида ички ишлар органларида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш, ходимларнинг касбий, жанговар ва жисмоний тайёргарлигини ошириш вазифалари белгилаб берилган.
Бу борада ИИВ Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинлари ва ИИВ Малака ошириш Институти билан ҳамкорликда ҳарбий хизматчиларнинг малакаси ошириш, уларни қайта тайёрлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Жумладан, қўшин қўмондонлигида 21 кунлик курс ташкил этилган. Жорий йилнинг 21 октябрь куни мазкур курснинг 50 нафар ҳарбий хизматчилардан иборат битирувчилари ўз малакалари ва билимларини ошириб, навбатдаги ҳарбий унвон олишлари учун сертификатлар топширилди.
Битирув кечасига ИИВ Малака ошириш Институти бошлиғининг ўринбосари полковник Б.Улуғов, Қўшин қўмондони полковник Ш.А.Худайназаровлар иштирок этишди. Барча битирувчилар жанговар саф майдонида саф тортишди.
Сўзга чиққан полковник Ш.А.Худайназаров, минтақадаги ҳарбий-сиёсий вазият, юртимизда Қуролли Кучлар борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар ва ислоҳотлар борасида сўз юритар экан, аввало ҳар бир ҳарбий хизматчилардан мардлик, жасорат, шижоат ва ватанпарварлик кўрсатиш кераклигини, тинч ва осуда юртимизни кўз қорачиғидек асраш учун бор куч-имкониятларини ишга солиш кераклигини таъкидлади. Битирувчиларга, ўқув курси мобайнида эгаллаган билим ва кўникмаларини келгусида ҳарбий қисмларда шахсий таркибни тарбиялашда қўллаш лозимлигини билдириб ўтди. Шу билан бирга, 21 октябрь Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 34 йиллиги санаси билан табриклаб, она тилимизнинг нақадар бебаҳо ва жозибадорлиги бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтди.
Шундан сўнг, битирувчиларга сертификатлар тантанали равишда топширилди. Барча битирувчилар қўлларига сертификатларини олар экан, ўзларидаги ҳаяжон ва уларга топширилган ишончга нисбатан, баланд овозда “Ўзбекистон Республикасига садоқат билан хизмат қиламан!» – деб, тантанали равишда ваъда беришди.
ИИВ Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинлари



